ПАСТ ЗИЧЛИКДАГИ ҚОҒОЗЛАРДА БОСМА МАҲСУЛОТ СИФАТИГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ТЕХНОЛОГИК ЖАРАЁН ПАРАМЕТРЛАРИНИ АНИҚЛАШ
Abstrakt
Даврий ва китоб нашрларини чоп эти шда паст зичликдаги офсет қоғозлардан фойдаланганда, босма ускунаси самонаклади томонидан варақларнинг нотекис узатилиши туфайли бутун ададда сифат барқарорлигини таъминлаш мураккаблашади ва бу ҳолат қоғоз структураси билан изоҳланади. Шу жиҳатдан паст зичликдаги қоғозларда босма сифатини таъминлаш учун босма жараёни динамикасини чуқур таҳлил қилиш ва босма усулларини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур мақолада варақли офсет босма ускунасининг энг асосий узелларидан қоғоз узатиш тизимида паст зичликдаги қоғозлар учун пневматик самонакладининг режимли параметрларини ўзгартириш йўли билан технологик жараённи оптималлаштириш усули кўриб чиқилган. Бундан мақсад паст зичликдаги қоғозларда маҳсулот сифати барқарорлигини таъминлаш учун офсет босиш жараёни параметрларини асослашдир. Мақолада босиш ускунаси конструкторлик-технологик параметрларини ҳисоблаш, варақ ажратилиши ва узатилиши шартларини аниқлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва жамият эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини таъминлаш, энергия-ресурстежамкор технологиялар яратиш, босма жараёнининг рационал параметрларини аниқлаш масалалари ўрганилган. Республикамизда матбаа маҳсулотларини ишлаб чиқаришда такомиллаштирилган босма усулларини кенг қўллаш, паст зичликдаги қоғозлар учун офсет босиш жараёни параметрларини асослаш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилиб, муайян натижаларга эришилмоқда.